Тест режимида

Янгиликлар

Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартиби ўзгардими?

Жорий йилнинг 15 февраль куни ижтимоий тармоқда қуйидаги норасмий ва асоссиз:

“Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, «тонировка» нархлари орқа ойна (лобовой) учун текин, орқа ён ойна учун эса қуйидагича нархлар белгиланади:

- жисмоний ва юридик шахсларга — БҲМнинг (базавий ҳисоблаш миқдори) 5 баравари (1 млн 115 минг сўм);

- хорижий давлатлар юридик шахсларига — БҲМнинг 20 баравари (4 млн 460 минг сўм).

Илгари бу миқдор тегишлича жисмоний ва юридик шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараварини ташкил этган.

Олд ва орқа ён ойналар учун (барча ён ойналар):

жисмоний ва юридик шахсларга — БҲМнинг 25 баравари (5 млн 575 минг сўм);

хорижий давлатлар юридик шахсларига — БҲМнинг 80 баравари (17 млн 840 минг сўм) этиб белгиланди” изоҳи келтирилган хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 547-сон Қарорнинг 2-банди, “в” кичик бандига кўра:

“М1, N1 ва N2 тоифага оид автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўлов ставкалари:

- орқа ён ойналар бўйича жисмоний шахслар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорини, юридик шахслар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорини ва Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорини;

- орқа ва олд ён ойналар бўйича жисмоний шахслар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорини, юридик шахслар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорини ва Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг саксон баравари миқдорини ташкил этади” - дея кўрсатиб ўтилган.

Ушбу Қарорнинг 2-банди “г” кичик бандига кўра:

- М2, М3 тоифага оид III класс автотранспорт воситалари ён ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш учун тўлов ставкалари уларнинг эгалари ҳуқуқий ҳолати инобатга олинган ҳолда ушбу банднинг «в» кичик банди учинчи хатбошисига мувофиқ белгиланади” – дея кўрсатиб ўтилган. Ушбу қарор талаблари айни вақтда амалда бўлиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлар асоссиз маълумот ҳисобланади.

Барча норасмий саҳифалар эгаларидан, тасдиқланмаган, ҳуқуқий асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраб, асоссиз ва ёлғон маълумот тарқатганлик учун белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи кўриб чиқилишини эслатиб ўтамиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати