Тест режимида

Янгиликлар

Ижтимоий тармоқда "Зам Министрни иккинчи хотини УзРепортда ГАИга тушди" сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан маълумот

Жорий йилнинг 30 июль куни Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, КХАЙ кўчасида жойлашган "Жаҳон тиллари университети" биноси рўпарасида ИИББ соҳавий хизматлари ҳамда "UzReport TV" телеканали ходимлари ҳамкорлигида тунги вақтда олиб борилаётган рейд давомида ЙПХ ходими томонидан "Нексия-3" русумли, 01 X 743 DВ давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчисига тўхташ ишораси кўрсатилган вақтда ҳайдовчи тўхтамасдан ҳаракатда давом этган. Кўрилган чоралар натижасида автомобиль КХАЙ-Фарход кўчалари кесишмасида тўхтатилган.

ЙПХ ходими ўзини таништириб, тегишли ҳужжатларини тақдим қилишини сўраганда ҳайдовчи транспорт воситасини рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномасидан ташқари бошқа керакли ҳужжатларини тақдим қила олмаган. Ушбу жараёнда ҳайдовчи, 1996 йилда туғилган М.Э. ва йўловчи, 1999 йилда туғилган У.Э. вазиятдан чиқиб кетиш мақсадида турли савол ва ҳаракатлар билан ходимнинг ҳамда телеканал операторларининг фаолиятига халақит берган. Ҳолат 40 дақиқа давом этиб, ҳайдовчи ва йўловчи жамоат жойида жанжал кўтарган ва хизмат олиб бораётган ходимларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб носамимий муносабатда бўлган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи ва йўловчи ҳудудий ИИБга олиб борилиб, ЙПХ ходими Н.Досимов томонидан ҳайдовчи М.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисми, йўловчи У.Э.га нисбатан эса 194-моддаси 1-қисми тартибида маъмурий баённома тузилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

2021 йил 30 июль куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан фуқаро М.Э. ҳамда У.Э.лар Ўзбекистон Респуликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни 122.500 сўм миқдорида жарима жазоси белгиланган. Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маъмурий материалларни кўриб чиқишга масъул ходим томонидан ҳайдовчи М.Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 135-моддаси 2-қисми тартибида БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати