Тест режимида

Янгиликлар

Ижтимоий тармоқда "Бухорода "Тико" ҳайдовчиси ЙПХ ходимини автомобиль капотида судраб кетди" сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот

Жорий йилнинг 1 февраль куни ижтимоий тармоқда "Бухорода "Тико" ҳайдовчиси ЙПХ ходимини автомобиль капотида судраб кетди" сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.

Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабарига кўра, видео лавҳада акс этган ҳолат Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганилганда аниқланишича, 2021 йил 29 январь куни соат 15:30ларда, Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ бошлиғи томонидан тасдиқланган “Алоҳида йўл-патруль хизмати отряди 3-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ нарядларини хизматга жойлаштириш қайдномаси”га асосан, Бухоро вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати отряди учинчи сафарбар гуруҳ йўл-патруль хизмати катта инспектори кичик сержант Ш.Р. Вобкент тумани ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга жалб қилинганлиги, хизматни олиб бориш жараёнида Вобкент тумани Ўба Кулолон маҳалласи, Кулолчи кўчасида фуқаро М.С., таниши Н.А. га тегишли бўлган “Тико” русумли, автомашинада светофорнинг қизил чироғига тўхтамасдан ҳаракатланиб келганлиги сабабли, ЙПХ инспектори йўлнинг қатнов қисмига чиқиб ҳайдовчига тўхташ ишорасини кўрсатганида, фуқаро М.С. ЙПХ инспектори турган йўналишда бошқаришни давом эттириб, содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида автомашинани тўхтатмасдан ходимга жуда яқин масофага қадар бошқариб бориши оқибатида ходим  йўл чеккасига қочишга улгурмасдан, автомашина капоти устига чиқиб қолган. Шундай бўлсада ҳайдовчи М.С. автомашина билан ҳаракатланишда давом этиб, тахминан 50-60 метр масофада инспекторни транспорт воситаси капоти устида олиб юриб тўхтаган.

"Шундан сўнг, ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Юқоридаги ҳолатда бирор кишига тан жароҳати етмаган." - дейилади хабарда.