Тест режимида

Янгиликлар

Бошқа манзилга юборилган жарималар бекор қилиниб, назоратчи масъулларга хизмат текшируви белгиланди

Жорий йилнинг 11 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тезликни меъёридан ошириб транспорт воситасини бошқарганлик бўйича чиқарилган қарор суратлари тарқалди.

Суратлар ўрганилганда, Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилгани, яъни:

-жорий йилнинг 21 январь куни соат 10:52да Тошкент вилояти, Бўка тумани ҳудудидан ўтган А-373 автомобиль йўлининг 70-71 километрлари оралиғида, тезлик 70 км/с билан чегараланган йўлда  “Нексия” русумли, 10 Е 060 МА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси 79 км/с тезлик билан ҳаракатланган ва бу махсус мослама орқали қайд этилган. Қайд этиш вақтида автоматик тарзда 10 Е 060 МА давлат рақам белгисидаги 6 рақами 5 бўлиб, 10 Е 050 МА рақами билан қайд этилган. Масъул назоратчининг эътиборсизлиги сабаб, ушбу жарима “SINOTRUK HOWO” русумли, 10 Е 050 МА давлат рақам белгили юк автомашинаси мулкдорининг яшаш манзилига юборилган;

- жорий йилнинг 7 ноябрь куни соат 22:09да Тошкент вилояти, Бўка тумани ҳудудидан ўтган А-373 автомобиль йўлининг 78-79 километрлари оралиғида, тезлик 70 км/с билан чегараланган йўлда  “Каптива” русумли, 25 444 ЕАА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчиси 116 км/с тезлик билан ҳаракатланган ва бу махсус мослама орқали қайд этилган. Қайд этиш вақтида автоматик тарзда 25 444 ЕАА давлат рақам белгисидаги 2 рақами 7 бўлиб, 75 444 ЕАА рақами билан қайд этилган. Масъул назоратчининг эътиборсизлиги сабаб, ушбу жарима “HONDA ELYSION” русумли, 75 444 ЕАА давлат рақам белгили автомобиль мулкдорининг яшаш манзилига юборилган.

Айни вақтда ушбу қоидабузарликлар юзасидан “SINOTRUK HOWO” русумли, 10 Е 050 МА давлат рақам белгили юк автомашинаси мулкдори Ш.Х. ва “HONDA ELYSION” русумли, 75 444 ЕАА давлат рақам белгили автомобиль мулкдори “TERMIZ SOHILI XK”га нисбатан белгиланган жарима солиш тўғрисидаги қарорлар белгиланган тартибда бекор қилинди.  

Шунингдек, ушбу хатоликка йўл қўйган назоратчи масъулларга нисбатан Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати