Тест режимида

Тарих

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг тарихи

1936 йилнинг 3 июль санасида Собиқ Совет Иттифоқида Давлат автомобиль назорати ҳақидаги биринчи Низом тасдиқланган.

Ушбу кун расмий равишда Давлат автомобиль назорати хизмати ташкил этилган кун ҳисобланади. Дастлаб Собиқ Совет Социалистик Республикаси Иттифоқи Йўлтранс марказий бошқармаси қошидаги Давлат автомобиль назорати бошлиғининг 1935 йилда имзоланган 2-сонли буйруғи билан асли венециялик чилангар уста 1934 йилдан бошлаб Ўзавтойўлтранс директори бўлиб ишлаган Хорват Юзеф Карлович Ўзбекистон Совет  Социалистик Республикаси Давлат автомобиль назорати хизматининг бошлиғи этиб тайинланган.

Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги даврлардан тортиб Давлат мустақиллиги қабул қилингунига қадар ҳам қатор ўз касбининг фидоийлари шарафли хизматга раҳбарлик қилибгина қолмай, унинг ривожи учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишган:

- Медведов Сергей Васильевич (1943-1949 йй);

- Каспаров Андрей Лазаревич (1951-1953 йй);

- Дучалов Виталий Тимофеевич (1953-1957 йй);

- Шабанов Сергей Григорьевич (1957-1958 йй);

- Иваненко Василий Андреевич (1959-1964 йй);

- Гаппаров Абдуқаххор Гаппарович (1964-1968 йй);

- Жумаев Эркин Жумаевич (1968 й);

- Голиков Сергей Васильевич (1968-1972 йй);

- Хошимов Ахмаджон Хошимович (1972-1975 йй);

- Кутасевич Станислав Георгиевич (1975-1978 йй);

- Николаенко Виктор Васильевич (1978-1982 йй);

- Рўзимуродов Ниёзмурод Рўзимуродович (1982-1984 йй);

- Тохтаев Туйгун Абдуллаевич (1985-1986 йй);

- Ваулин Михаил Андреевич (1987-1991 йй) каби раҳбарларнинг бошчилигида Давлат автомобиль назорати хизмати босқичма-босқич тараққий этиб келган.

Айниқса, ўтган асрнинг иккинчи ярмида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш борасида фидоийлик кўрсатган йўл бошқарувчиси, милиция старшинаси Содиқ Қосимовнинг хизматлари беқиёс бўлган. У Тошкент милициясида 25 йил мобайнида хизмат қилган. Содиқ хизматлари учун “Қизил байроқ”, “Қизил юлдуз” орденлари, “Шарафли меҳнати учун” медаллари, “Беш йиллик зарбдори” унвонига сазовор бўлган. Унинг шахсий йиғма жилдида 83 та рағбатлантириш ёзилган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллиги қабул қилинганидан кейин хизматнинг бугунги кундаги ривожида:

- Мақсудходжаев Юсуп Ядгарович (1991-1992 йй);

- Бекмуродов Маҳмуд Бобомуродович (1993-1995 йй);

- Рузматов Шукурулло Қодирович (1995-1996 йй);

- Зокиров Холмахамат Акбарович (1996-2002 йй);

- Абдурасулов Собир Ахмедович (2002-2005 йй);

- Эрматов Бахтиёр Носирович (2006-2009 йй);

- Иноятов Азизхўжа Ахатович (2009-2010 йй);

- Сайдалиев Холматжон Ахматович (2010-2019йй) каби раҳбарларнинг хизматлари беқиёсдир.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бугун кенг тармоқли, кўп вазифали сафарбар хизматлар сирасига киради:

- йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, қоидабузарликларга чек қўйиш, унинг оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида хизмат ўтовчи йўл-патруль хизмати фаолиятини ташкил этиш бўлими;

- автомобиль йўллари ҳолатининг доимий назорати, светофорларнинг аниқ ишлаши, йўл белгиларининг тўғри ўрнатилиши, қатнов қисмини ажратиб турувчи чизиқларни белгилаш, кўприклар йўл ўтказмалари ва темир йўл кесишмалари, автомобиль йўллари қурилиши устидан назоратни амалга оширувчи йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат қилиш бўлинмаси;

- автомототранспорт воситалари техник ҳолатининг белгиланган меъёрларга жавоб беришини, бу билан йўлларимизда техник соз автомобиллар ҳаракатини таъминловчи транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни ташкил этиш бўлими;

- йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан содир этиладиган қоидабузарликларни аниқлаб, тегишли таъсир чораларини қўллаш, транспорт воситалари билан боғлиқ ҳар қандай турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни таъминловчи йўл ҳаракати доирасидаги қонунбузарликлар билан курашиш бўлинмаси;

- автомототранспорт воситаси ҳисобини олиб бориш ва рўйхатлаш, давлат рақам белгилари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни бериш, ҳайдовчи кадрлар тайёрлашни назорат қилувчи рўйхатлаш ва имтиҳон олиш ишларини ташкиллаштириш ва назорат қилиш бўлинмаси;

- йўл ҳаракати қатнашчиларини йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимоя қилиш даражасини ошириш, қоидабузарликларни хизматга кириб келган замонавий техникалар ёрдамида автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ва профилактика ишларини бугунги кун талаби даражасида такомиллаштириш фаолияти билан шуғулланувчи йўл ҳаракати хавфсизлигининг марказий компьютерлаштирилган бошқаруви, алоқа ва ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш бошқармаси;

- ҳуқуқбузарликларга нисбатан тузилган маъмурий баённомаларнинг ҳуқуқий асосларини кўриб чиқиб, қоидабузарликларга Қонунда белгиланган тартибда маъмурий чоралар қўллашни назарда тутувчи маъмурий амалиёт хизмати;

- фуқаролар ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги доирасида тўғридан-тўғри кенг тарғибот ишларини амалга ошириш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда турли кўрсатув, лавҳа ва роликлар тайёрлаб, фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишларини тарғиб қилишни ташкиллаштирувчи Ахборот хизмати ҳамда қатор бўлим, бўлинма ва гуруҳлар фаолияти Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати негизида йўлга қўйилган.